Қидирувда бўлган 19 нафар шахс ушланди

Ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва қонун устуворлигини таъминлашда Тошкент вилояти ички ишлар органлари томонидан доимий равишда ўтказилаётган профилактик тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вилоятда 31 августдан 7 сентябрга қадар қасддан одам ўлдириш, баданга оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, безорилик, ўғирлик, гиёҳвандлик ва бошқа шу каби 118 жиноятнинг 110 таси тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида фош этилди. Ҳафта давомида қидирувда юрган 19 нафар шахс ушланди.

Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, “Асилбек” дўкони ёнида номаълум шахслар унинг тахминан 900 минг сўм турадиган 1 дона уяли алоқа телефони ва 300 минг сўм пулини тортиб олганини маълум қилган. Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Чирчиқ шаҳрида яшовчи 3 нафар вояга етмаган бола содир этгани аниқланди. Ҳуқуқбузарларга тегишли жазо чоралари кўрилди.

Арзимаган жанжал туфайли бир-бирига оғир тан жароҳати етказиб, оқибати ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Худди шундай жиноятлар ҳафта давомида Оҳангарон ва Бўстонлиқ туманларида содир этилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан айбдорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда ўтказилаётган профилактика тадбирлари, турли учрашувлар муҳим аҳамият касб этаётир. Бунда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилганда зудлик билан ички ишлар органларига ёки бошқа тегишли ташкилотларга хабар бериш лозимлиги тушунтирилмоқда.

 Абдулазиз Мусаев, ЎзА

Be the first to comment on "Қидирувда бўлган 19 нафар шахс ушланди"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*